Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат текшируви ва назорати органларининг ваколатлари

14.11.2020

Энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат текшируви ва назорати органлари ўз ваколатлари доирасида:

энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

бинолар ва иншоотларни, шу жумладан кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, қуриш ва фойдаланишга топширишда уларда энергия жиҳатидан самарадор ва энергия жиҳатидан тежамкор технологиялардан фойдаланишнинг шаҳарсозлик нормалари ҳамда қоидаларига мувофиқлигини текширади;

бинолар ва иншоотларни, шу жумладан кўп квартирали уй-жой фондини лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, қуришда иссиқлик сақловчи қурилиш материалларини, шунингдек конструкцияларни қўллаш ҳамда муқобил энергия манбалари воситаларини, энергияни тежайдиган лампаларни мажбурий ўрнатиш талабларига риоя этилишини назорат қилади, бундан якка тартибдаги уй-жой қурилиши мустасно;

товарлар (ишлар, хизматлар), иншоотлар, бинолар ва қурилмаларнинг энергия жиҳатидан самарадорлиги ва энергия тежамкорлиги нормаларига, шунингдек энергиянинг сифат кўрсаткичларига риоя этилиши устидан текширув ва назоратни амалга оширади;

энергетика ресурсларидан самарасиз фойдаланганлиги учун юридик шахсларга нисбатан иқтисодий жазо чораларини қўллайди.