“Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади” УК: ГЭС-14 да 1-сонли гидроагрегат 72 соатлик синовга қўйилди

21.11.2020

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги ПҚ-2947-сонли Қарори ижросини таъминлаш мақсадида мамлакат гидроэнергетика соҳасида истиқболли инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш, янги гидроэлектр станцияларни барпо этиш, мавжудларини янги қувватларда модернизация қилиш йўналишида “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, хабар беради uzgidro.uz.

Бу борада, Жамият томонидан хорижий давлатлар, хусусан, Хитой Халқ Республикаси билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 январдаги ПҚ-3463-сонли Қарори асосида Хитойнинг етакчи “Power Construction Corporation of Cina Ltd” корхонаси томонидан “Қуйи Бўзсув ГЭСлар каскади” УК таркибидаги ГЭС-14 да модернизация ишлари олиб борилмоқда. Ўтган давр мобайнида ГЭС-14 да модернизация ишлари жадаллик билан амалга оширилди.

Ҳозирги кунда, ГЭС-14 да олиб борилган модернизация ишлари якуний босқичга етиб, жорий йилнинг 16 ноябрь куни станцияда ўрнатилган 1-сонли гидроагрегат Ўзбекистон Республикаси ягона энерготизимига 7,5 МВт қувват билан 72 соатли синов жараёнига муваффақиятли қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, модернизация якуни бўйича ГЭС-14 да ҳар бирининг қуввати 7,5 МВт бўлган иккита агрегат ўрнатилиб, ГЭСнинг умумий қуввати 15 МВт га етказилади. Ушбу гидроагрегатлар электр энергияни сув кам бўлган даврда ҳам ишлаб чиқариш имконига эга бўлади.