“ГИДРОЭНЕРГЕТИКА. МАРКАЗИЙ ОСИЁ ВА КАСПИЙ” БЕШИНЧИ ХАЛҚАРО КОНГРЕССИ: ИШТИРОКЧИЛАР ҚОДИРИЯ ГЭС-3 ГА ТАШРИФ БУЮРДИЛАР

19.02.2021

Бугун, 18 февраль куни “Гидроэнергетика. Марказий Осиё ва Каспий” бешинчи халқаро конгрессининг иккинчи кунида тадбир иштирокчилари “Қодирия ГЭСлар каскади” УК таркибидаги Қодирия ГЭС-3 га ташриф буюрдилар.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз гидроэнергетика соҳасининг бош ташкилоти ҳисобланган “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти томонидан сўнгги йилларда инвестициявий лойиҳалар асосида янги гидроэлектр станцияларни қуриш, узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган ГЭСларни замон талаблари асосида модернизация қилиш ишлари изчиллик билан олиб борилмоқда.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қайта тикланувчи электр энергиясини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш, истиқболли ва самарали лойиҳалар асосида инвестиция маблағларини жалб қилиш, режали тартибда ўзлаштириш, янги гидротехник объектларни эксплуатацияга топшириш, узоқ йиллар мобайнида ишлаб келаётган ГЭСларни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришдаги маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш борасидаги ишлар қизғин равишда амалга оширилмоқда.

Дастлаб, Конгресс иштирокчилари “Ўзбекгидроэнерго” АЖ ва “Қодирия ГЭСлар каскади” УК раҳбарияти ҳамроҳлигида ГЭС ва каскад тарихи билан боғлиқ ёрқин зарварақлар ҳамда умумий манзарани қамраб олган ихчам ва мўъжаз музейга ташриф буюрдилар.

Мазкур музей Қодирия ГЭСнинг эски эксплуатация биноси ҳудудида жойлашган бўлиб, унинг экспонатлари тарихий ва мазмун жиҳатдан ниҳоятда кенг қамровлидир. ГЭСнинг илк пойдеворидан тортиб, то каскад ҳолатига келгунга қадар маъмурий ва муҳандислик бошқарувида заҳматли меҳнат фаолиятини олиб борган етук мутахассислар ҳаёти ва касбий тажрибаси, ГЭС ва Каскад томонидан эришилган ютуқлар, мамлакат раҳбарияти томонидан алоҳида эътироф этилган ўнлаб юқори даражадаги ишлаб чиқариш кўрсаткичлари замирида фидойи гидроэнергетикларнинг жонкуярлиги ётади.

Шу билан бирга, 1930-йиллардан буён ҳали ҳануз иш жараёнида бўлган технологик қурилмалар тадбир иштирокчиларида ёрқин таассурот қолдирди.

Кейинги хабарларимизда, Конгресс иштирокчиларининг Қодирия ГЭС-3 фаолияти билан яқиндан танишуви билан боғлиқ янгиликларни ёритиб борамиз.