Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти фаоллари Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрдилар

19.02.2021

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилотининг бир гуруҳ фаоллари Амир Темур хиёбонига туташ ҳудудда жойлашган Темурийлар тарихи давлат музейига ташриф буюрдилар.

Ушбу ташрифдан мақсад – аввало, буюк Соҳибқирон бобомизга юксак эҳтиром кўрсатиш, шунингдек, 14 февраль куни таваллуд айёми ўтказилган Темурийлар сулоласининг ёрқин вакили, буюк шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сиймосига чуқур эҳтиром кўрсатишдир. Зеро, шонли тарихда ҳам маънан, ҳам қудрат жиҳатидан ўзидан ўчмас из қолдирган буюк аждодларни хотирлаш, уларнинг боқий меросини, давлатчилик, ватанпарварлик, маънавий-маърифий жабҳадаги беқиёс хизматларини доим ёдда тутиш – ҳар бир ёш авлоднинг юксак маънавий бурчидир.

Музей ҳақида қисқача тўхталсак. Бинонинг биринчи қаватида шинам кутубхона, анжуманлар зали, маъмурият хоналари жойлашган. Музейнинг иккинчи қаватидан миниатюрачи рассомлар С. Қорабоев, Ғ. Камолов, Х. Назиров, Т. Болтабоев томонидан ишланган “Буюк Соҳибқирон – буюк бунёдкор” деб номланган, юксак дид ва маҳорат билан ишланган панно жой олган. Учинчи қаватдан Марказий Осиёнинг илк Уйғониш давридан то Соҳибқирон давригача ҳамда темурийлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи экспонатлар, ранг-баранг осори-атиқалар жой эгаллаган.

Бугунги кунда, музей фондидаги тарихий экспонатлар сони деярли тўрт мингга яқинлашган.

Бир сўз билан айтганда, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти вакиллари музей ташрифидан юқори кайфият ва кўтаринки маънавий руҳ билан қайтдилар.