Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

11.04.2021

Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида

Бугунги кунда энергия ресурсларига бўлган талаб таркибий жиҳатдан ўзгармоқда, хусусан углеводород ресурсларидан қайта тикланувчи манбаларга ўтишда водород энергетикасини ривожлантириш долзарб масалага айланмоқда.

Шу билан бирга, соҳа ҳолатининг таҳлили иқлим ўзгариши шароитида республикада самарали, ресурстежамкор ва экологик хавфсиз иқтисодиётни таъминлаш билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, жадаллашаётган саноатлаштириш ва аҳоли сонининг ўсиши иқтисодиётнинг энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжини сезиларли даражада оширмоқда, шунингдек, атроф-муҳитга салбий антропоген таъсирни кучайтирмоқда.

Республиканинг энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва водород энергетикасини барқарор ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, ушбу соҳанинг илмий салоҳиятини кучайтириш талаб этилади.

Республикада водород энергетикаси инфратузилмасини барпо этиш, қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида илмий ва амалий изланишларнинг натижадорлигини ошириш, инновацион технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “яшил” иқтисодиётга ўтишини таъминлаш мақсадида:

1. Инновацион ривожланиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг:

Фанлар академиясининг “Халқаро қуёш энергияси институти” МЧЖ негизида Энергетика вазирлиги ҳузурида Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтини (кейинги ўринларда – Институт);

Институт тузилмасида Водород энергетикаси илмий-тадқиқот марказини ҳамда Қайта тикланувчи ва водород энергетикаси технологияларини синаш ва сертификатлаш лабораториясини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича идоралараро комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) 1-иловага мувофиқ таркибда тузилсин ва унга қуйидаги вазифалар юклансин:

Институт фаолиятининг ташкил этилишини мувофиқлаштириш;

қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича миллий стратегия ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишни, шунингдек, ушбу соҳалардаги истиқболли лойиҳаларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида зарур тадқиқотлар ўтказиш ҳамда кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш масалаларида вазирлик ва идораларга кўмаклашиш;

қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳаларида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар ўтказиш ҳамда илмий-техникавий лойиҳаларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан, илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини жорий этишни қўллаб-қувватлаш.

3. Қуйидагилар Институтнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш ва водород энергетикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини шакллантириш, ушбу соҳаларда фундаментал ва амалий тадқиқотларни ўтказиш ҳамда инновацион лойиҳаларни ишлаб чиқиш;

қайта тикланувчи энергия манбалари ва водороддан олинган энергияни электр ҳамда иссиқлик энергиясига айлантириш ҳисобига улардан иқтисодиётнинг юқори технологик соҳалари ва тармоқларида самарали фойдаланиш усулларини ўрганиш ва жорий этиш;

қайта тикланувчи энергия ва водородни ишлаб чиқариш, етказиб бериш ва улардан самарали фойдаланиш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ҳамда техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва (ёки) уларни халқаро (давлатлараро, минтақавий) стандартлар талабларига мослаштириш;

илғор давлатларнинг мазкур соҳалардаги илмий муассасалари, марказлари ҳамда экспертлари билан ҳамкорлик ўрнатиш ва улар иштирокида тадқиқотларни ташкил қилиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва уларда иштирок этиш;

маҳаллий ва хорижий олий таълим ташкилотлари билан биргаликда илмий изланишдан ишлаб чиқаришгача бўлган жараёнларни ўзаро боғловчи яхлит тизимни шакллантириш ва юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш;

қайта тикланувчи энергия манбалари ва водородни ишлаб чиқарувчи, улардан фойдаланувчи ҳамда ушбу турдаги энергия билан ишловчи ускуна, қурилма ва технологияларни синовдан ўтказиш ва сертификатлаш.

4. Белгилаб қўйилсинки:

Институт давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўз мустақил балансига, шахсий ғазна ва банк ҳисобварақларига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрга эга бўлади;

Институт ходимларига Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари татбиқ этилади;

Институт тугатилаётган “Халқаро қуёш энергияси институти” МЧЖга тегишли Тошкент шаҳар, Чингиз Айтматов кўчаси, 2Б-уй, 2-корпус манзилидаги мавжуд ҳамда янгидан қуриладиган бино ва иншоотларда жойлаштирилади;

“Халқаро қуёш энергияси институти” МЧЖнинг тугатилиши пайтида Институтга ўтказиладиган мулклар, мулкий ҳуқуқлар, хусусан акциялар ва устав капиталларидаги тегишли улушларнинг қиймати барча турдаги солиқлар бўйича солиққа тортиш объекти ҳисобланмайди;

Институт “Халқаро қуёш энергияси институти” МЧЖнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари бўйича ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

5. Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти фаолиятини ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон Республикасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” 2-илова мувофиқ тасдиқлансин.

6. Қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш соҳасидаги илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда Институт фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида:

а) Энергетика вазирлиги (А.С.Султанов):

Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдурахмонов), Фанлар академияси (С.З.Мирзаев) ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К.Абдиназаров) билан биргаликда бир ой муддатда Институтни жиҳозлаш учун зарур бўлган замонавий лаборатория асбоб-ускуналари, технологик қурилмалар, реагентлар, бутловчи қисмлар, инвентарлар, автотранспорт воситалари, махсус техника ҳамда дастурий таъминотлар рўйхатини шакллантирсин ҳамда белгиланган тартибда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги “Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази” ДУКда экспертизадан ўтказсин;

2021 йилда Институт фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан, унинг моддий-техник базасини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, шакллантирилган рўйхатга мувофиқ товарларни харид қилиш, Институт биносини таъмирлаш, белгиланаётган йўналишларда тадқиқотларни жадаллаштириш, инновацияларни кенг жорий қилиш, етакчи хорижий олимларни тадқиқотларга жалб қилиш, ходимларни тайёрлаш ва малакасини ошириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун Энергетика вазирлигининг бюджетдан ташқари Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 50 миллиард сўмгача маблағларни ажратсин;

б) Молия вазирлиги (Т.А.Ишметов) 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ҳар йилги тасдиқланадиган харажатлар параметрларида Институт фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни назарда тутсин.

7. Энергетика вазирига:

зарур бўлганда, Институт ходимларининг белгиланган умумий сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида унинг тузилмасига ўзгартириш киритиш;

Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Институт йўналишларини кенгайтиришга боғлиқ равишда Институт ходимларининг умумий сонини ошириш ҳуқуқи берилсин.

Бунда, Энергетика вазирлиги (А.С.Султанов) Институт фаолиятига қайта тикланувчи ва водород энергетикаси соҳасида амалий ишланмаларни яратишга қаратилган илмий-тадқиқот лойиҳаларини амалга оширишда ва бошқа устувор вазифаларни бажаришда аутсорсинг механизмлари доимий равишда жорий этилишини таъминласин.

8. Институт фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгилансин:

Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари;

Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан илмий фаолиятга оид давлат дастурлари доирасида ўтказиладиган танловлар натижаларига кўра ажратиладиган маблағлар;

Энергетика вазирлигининг бюджетдан ташқари Ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш жамғармаси маблағлари;

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Тармоқлараро энергияни тежаш жамғармаси маблағлари;

республика ва халқаро молия ташкилотларининг техник кўмаклари ва грантлари;

Институт томонидан шартнома асосида хизматлар кўрсатишдан тушадиган маблағлар;

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

9. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдурахмонов) Энергетика вазирлиги (А.С.Султанов), “Эл-юрт умиди” жамғармаси (А.Ш.Бекмуродов), Фанлар академияси (С.З.Мирзаев), Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (У.Ш.Бегимкулов), Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К.Абдиназаров) билан биргаликда Институтнинг илмий ва илмий-техник ходимларининг, шунингдек, республикада ушбу соҳаларда фаолият юритаётган ёш олим ва мутахассисларнинг ривожланган хорижий давлатлардаги етакчи илмий марказларда белгиланган тартибда илмий стажировкадан ўтишини молиялаштиришни таъминласин.

10. Энергетика вазирлиги (А.С.Султанов):

икки ой муддатда Институтнинг устави, унинг молиявий-
иқтисодий фаолият кўрсаткичларини инобатга олган ҳолда, тузилмаси ҳамда Институт ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни рағбатлантириш тартиби ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда тасдиқланишини;

Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдурахмонов)  ҳамда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (Б.К.Абдиназаров) билан биргаликда 2021 йил якунига қадар Қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича миллий стратегия ишлаб чиқилишини ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминласин.

11. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (И.И.Норқулов) Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (А.Х.Тошкулов) ҳамда Энергетика вазирлиги (А.С.Султанов) билан биргаликда:

бир ой муддатда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети бакалавриатининг “Муқобил энергия манбалари” (турлари бўйича) таълим йўналиши бўйича қабул параметрларини водород энергетикаси йўналишида мутахассисларни тайёрлашни назарда тутган ҳолда ошириш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

2024/2025 ўқув йилидан бошлаб Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида “Водород энергетикаси 
ва технологиялари” магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрлашни йўлга қўйиш чораларини кўрсин.

12. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдурахмонов) Энергетика вазирлиги (А.С.Султанов), манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

илғор хорижий тажрибадан келиб чиқиб, мамлакатда водород энергетикасининг ривожланиши ҳолати бўйича йиллик ҳисоботни тайёрлаш ва “InnoWeek.uz” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида унинг тақдимотини ўтказиш амалиётини жорий этсин;

икки ой муддатда 2021 йилда Тошкент шаҳрида халқаро молия институтлари, етакчи халқаро экспертлар, хорижий тадқиқот марказлари ҳамда технологик ускуналарни ишлаб чиқарувчи компаниялар иштирокида муқобил энергия манбаларини қўллаш масалаларига доир халқаро конференцияни ўтказиш бўйича ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда амалга оширсин.

13. Энергетика вазирлиги (А.С.Султанов) Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Ш.А.Вафаев), Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х.Камилов) ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Ю.Абдурахмонов) билан биргаликда Энергетика вазирлиги ва “ACWA Power”(Саудия Арабистони), “Air Products” (АҚШ) ўртасида қайта тикланувчи ва водород энергетикасини ривожлантириш бўйича тузилган очиқ келишувга мувофиқ “ACWA Power”, “Air Products” ва бошқа етакчи компанияларнинг инвестициялари ва илмий ходимларини Институтнинг моддий-техник базасини ривожлантириш ва халқаро даражадаги инновацион изланишларни кенгайтириш ишларига жалб қилсин.

14. “Ўзстандарт” агентлиги (Д.Н.Саттаров) белгиланган тартибда Институт лабораторияларининг аккредитациядан ўтказилишини таъминласин ҳамда кейинчалик ушбу лабораториялар аккредитация соҳасидаги халқаро стандартлар ва қоидалар талабларини ҳисобга олган ҳолда, халқаро миқёсда эътироф этилган аккредитация органларида аккредитациядан ўтишига кўмаклашсин.

15. Институтнинг моддий-техник базасини шакллантириш ва мустаҳкамлаш бўйича белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган олиб кирилаётган ускуналар, технологик қурилмалар ва жиҳозлар, моддий-техника воситалари, дастурий таъминот ва хизматлар божхона божларидан озод қилинсин.

16. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ПҚ-4142-сон қарорига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш киритилсин.

17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорлари 4-иловага мувофиқ ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

18. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга шахсий жавобгар этиб инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов ва энергетика вазири А.С.Султанов белгилансин.

Мазкур қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклансин.

              Ўзбекистон Республикаси

                        Президенти                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2021 йил 9 апрель