Мустақиллик объектлари: қайта тикланган Қудаш ГЭС

14.04.2021

Маълумки, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 2 майдаги 2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги Қарори гидроэнергетика соҳасида туб бурилишларга замин ҳозирлади. Қарордан кўзланган асосий мақсад юртимизда электр энергия ишлаб чиқариш таркибида қайта тикланувчи гидроэнергетик ресурслар улушини ошириш, янги экологик тоза ишлаб чиқариш қувватларини яратиш ҳамда мавжуд гидроэлектростанцияларни техник ва технологик қайта жиҳозлашдан иборат.

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган ГЭС – Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида Қудаш қишлоғидан оқиб ўтувчи Сўх-сой сўл қирғоқ каналида барпо қилинган. Ўз-ўзидан ГЭС ушбу қишлоқ номини олган.

1942 йилда АҚШ билан тузилган шартномага мувофиқ, 1943 йилда “Аллис Чармерс” заводидан ҳар бирининг қуввати 2,5 МВт бўлган 2 дона генератор олиб келинади.

Қудаш ГЭС 1957 йил 8 октябрда ишга туширилади. ГЭС каналини қуришда маҳаллий аҳоли фаол иштирок этади. Шунингдек, собиқ Иттифоқ ҳамда АҚШ томонидан малакали мутахассислар жалб этилади.

Мазкур ГЭС 1978 йилгача тўлиқ қувватда ишлаб турган. 1978 йилда ГЭС консервация қилинган.

Ҳозирги тараққиёт босқичида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22-23 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи давомида белгиланган топшириққа кўра, 1978 йилда консервация қилиниб, фаолият кўрсатмай келаётган “Қудаш” ГЭС қайта таъмирланди. 2017 йил 7 октябрда ГЭСнинг фаолияти қайта йўлга қўйилди.

ГЭС агрегатларининг ҳар бири олдинги энергетик қувватларда, яъни 2,5 МВт, жами 5 МВт га тенг тартибда ишлаб келмоқда.

Бугунги кунда, ГЭСда 15 нафар ишчи-ходимлар самарали меҳнат қилмоқда. ГЭС ишлаб чиқараётган электр энергиядан ҳудудий кесимда самарали фойдаланилмоқда.