СЕНАТОР ТАШАББУСИ БИЛАН САРИОСИЁ ТУМАНИДАГИ ЭҲТИЁЖМАНД ОИЛАЛАР “ТЕМИР ДАФТАР”ДАН ЧИҚАРИЛДИ

04.07.2021

Муҳтарам Президентимизнинг ташаббуси билан маҳалла институтига жамиятимизнинг асосий қуйи бўғини сифатида қаралиб, унинг жамият бошқарувидаги ўрни ва ролини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, “маҳаллабай” асосда белгилаб берилган ишларни амалга ошириш, барча қишлоқ ва маҳаллаларни жадал ривожлантириш борасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абдуғани Сангинов бошчилигида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманларида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтар”ларига киритилган эҳтиёжманд аҳолининг шароитларини яхшилаш, уларнинг турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалий ишлар қилинмоқда.

Сариосиё туманидаги “Ҳумоюн” маҳалла фуқаролар йиғинида “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтар”ига киритилган оилаларни дафтардан чиқариш ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш мақсадида амалий тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Абдуғани Сангинов, Сариосиё тумани ҳокимлигининг мутасадди вакиллари иштирок этди.

 

Сариосиё туманининг жанубий-шарқий қисмида жойлашган “Ҳумоюн” маҳалла фуқаролар йиғини шаҳар марказидан қарийб 30-35 километр узоқликда жойлашган. Шаҳар марказига боғловчи йўл кўп йиллардан бери таъмирталаб бўлиб, аҳолининг шаҳарга бориши учун қийинчилик туғдирар эди. Сенатор ташаббуси билан маҳаллага олиб борувчи йўл тўлиқ таъмирлаб берилди. Олис тоғ қишлоғига олиб борувчи йўлнинг қарийб 16 кмга асфальт, 3,8 кмга эса бетон қоплама ётқизилди.

“Ҳумоюн” (Хуфар) маҳалла фуқаролар йиғинидаги 447 та оилада 4 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Маҳаллада “Темир дафтар”даги оилаларга моддий жиҳатдан ёрдам берилди. Бундан ташқари, маҳалланинг 4 нафар имконияти чекланган фуқароларига ногиронлик аравачалари топширилди. Кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир гуруҳ хонадонларга қорамол ва парранда тарқатилди. “Аёллар дафтари”да турган 9 нафар хотин-қизлар учун тикув машиналари тақдим этилди.

 

 

Маҳаллада юқорида қайд этилган кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган фуқароларга амалий ёрдам берилиб, “Темир дафтар” , “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтар”ларидан чиқарилди.

“Туманимизда эҳтиёжманд ва кам таъминланган фуқароларни “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтар”идан чиқариш бўйича самарали ишлар олиб борилмоқда. Муҳтарам Президентимиз томонидан “Маҳалла обод бўлса – юрт обод бўлади. Маҳаллада ўзгариш бўлса – бутун жамият ўзгаради” дея билдирган фикрлар маҳаллаларда туб ўзгаришларни бошлаб берди. “Маҳаллабай”, “фуқаробай” кесимида уйма-уй юриб, амалий ишлар олиб борилмоқда. Натижалар ижобий бўлиб, хусусан, сенатор Абдуғани Сангиновнинг изчил саъй-ҳаракатлари билан бугун “Ҳумоюн” МФЙда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтар”ларида турувчи эҳтиёжманд аҳоли мазкур дафтардан чиқарилди, – дейди Халқ депутатлари вилоят ва туман кенгаши депутати Шамсиддин Орипов.