Гидротехника қурилишида бетон ишлари

14.07.2021

Бетон ва йиғма темир-бетон ишлари ўзига хос технологик жараёнлар мажмуидан иборат бўлиб, уларни амалга ошириш натижасида маълум шакллар ва ўлчамларга эга бўлган, мустаҳкам, табиий-иқлим ва турли хил ишлаб чиқариш омиллари таъсирларига чидамли иншоотлар ёки уларнинг қисмлари вужудга келади.

Бетоннинг сув хўжалиги қурилиш жараёнида қўлланиш тарихи ХХ аср бошларига бориб тақалади ва у ўтган асрнинг ўрталаридан бошлаб, халқ хўжалигининг барча қурилиш жараёнларига кенг кўламда кириб борди. Қурилиш соҳасида бетоннинг кенг доирада қўлланиши сабаблари, унинг бир қатор ижобий сифат кўрсаткичлари билан боғлиқдир, яъни мустаҳкамлиги ва узоқ муддат фойдаланишга чидамлилиги, керакли даражада атмосфера, иқлим ва сув таъсирига чидамлилиги, ундан турли хил шаклдаги конструкция ва иншоотлар вужудга келтириш мумкинлиги, таркибига металл конструкциялари қўшилганда, унинг чўзилиш ва эгилишга чидамлилигининг жуда юқори бўлиши, бетон ва темир-бетон иншоотлари қурилиш жараёнларини максимал даражада механизациялаш имконияти борлиги ва ҳ.к.

Гидротехника тизими қурилиши жадал суратда кенгайиб, ривожланиб бориши, ўз навбатида, бетон ва темир-бетон конструкцияларининг янада такомиллашишига ва кўп миқдорда қўлланилишига эҳтиёж туғдирмокда.

Гидротехника қурилишида бетон ишларини бажаришни ташкил қилишнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Ирригация тизимларидаги бетон иншоотлари турли ўлчамларда, катталикларда бўлиши ва тарқоқ ҳолда жойлашиши билан характерланади. Иншоотлардаги бетон ҳажми атига бир неча м3 дан бир неча минг м3 гача бўлиши мумкин. Иншоотларнинг тарқоқ жойлашиши, ўз навбатида, бетон ишларини ташкил қилиш жараёнида бир қатор қийинчиликларни юзага келтиради. Шу боис, кўпчилик ҳолларда баъзи гидротехник иншоотларни холис бетонга нисбатан йиғма темир-бетон конструкцияларидан тиклаш мақсадга мувофиқдир.

Бетон ишлари мажмуи таркибига бетон қоришмасини тайёрлаш ва уни ётқизиш жойига ташиш, қолипларни ва арматураларни ўрнатиш, қоришмани узатиш ва жойлаштириш, зичлаш ва ётқизилган бетонни парваришлаш каби ишлар киради. Мажмуанинг ушбу элементларини ҳар бири ўзига хос мураккаб технологик жараёнлардан иборат.

Умуман олганда, халқ хўжалиги объектларининг фойдаланиш шароитларига боғлиқ равишда, уларни қуриш жараёнида турли хил гуруҳларга мансуб, яъни ўта енгил, енгил, оғир ва ўта оғир бетонлар қўлланилиб келинмокда ва уларнинг асосий кўрсаткичи бўлган зичлиги 450 кг/м3 дан 2800 кг/м3 гача бўлиши мумкин. Сув хўжалиги объектлари қурилишида холис бетон сифатида ёки йиғма темир-бетон конструкцияларини тайёрлашда оғир бетонлар гуруҳига кирувчи, зичлиги 2200 кг/м3 дан 2500 кг/м3 гача бўлган – гидротехник бетонлар кенг қўлланилади. Давлат чегараловчи ҳужжатларида аниқлик киритилишича доимий ёки даврий равишда сув таъсирида бўлиб, иншоотнинг барқарор иш шароитини таъминловчи бетон – гидротехник бетон дейилади.

Бошқа турдаги бетонлардан фарқли ўлароқ, гидротехник бетонларга бир қатор ўзига хос талаблар қўйилади, яъни сувга чидамлилик, сув ўтказмаслик, совуққа чидамлилик, танасидан кам иссиқлик чиқариш, тузлар ва кимёвий моддалар таъсирига чидамлилик, сиқилишга, чўзилишга ва эгилишга керакли даражада чидамли бўлишидир.

Бетоннинг сув таъсирига чидамлилигини ошириш учун махсус цементлар қўлланиши мумкин ёки бетоннинг юза қисми гидроизоляция қилинади. Гидротехник бетонга унинг асосий сифат кўрсаткичлари бўлган мустаҳкамлиги, танасидан сув ўтказмаслиги ва совуққа чидамлилик хоссаларига нисбатан қуйидаги маркалар белгиланган:

– сиқилишга чидамлилиги бўйича – М75, М100, М150, М200, М250, М350, М400, М500, М600 (сонлар 1 см2 бетон намунасига таъсир қилувчи куч, кг);

– совуққа чидамлилиги бўйича – Мрз50, Мрз75, Мрз100, Мрз150, Мрз200, Мрз300, Мрз400, Мрз500 (сонлар бетон намунасини музлатиб-эритиш цикллар сонини билдиради ва шунда бетон намунаси ўзининг 15% дан ортиқ мустаҳкамлигини йўқотмаслиги керак);

– танасидан сув ўтказмаслиги бўйича – В2, В4, В6, В8, В10, В12 (сонлар 0,2; 0,4; 0,6; 0,8; 1,0; 1,2 МПа сувнинг гидравлик босимига тўғри келади ва улар таъсирида бетон намунасидан сув сизиб чиқиши кузатилмайди).

Технология нуқтаи назаридан қараганда, бетоннинг эътиборли хусусиятларидан бири унинг қўзғалувчанлиги ҳисобланади ва қоришманинг қулай ётқизилишини белгилайди. Бетоннинг ушбу хоссаси асосан унинг таркибидаги сув-цемент нисбатига, қоришма таркибига аралаштириладиган юмшатувчи қўшимчаларга ва қўлланиладиган цемент фаоллиги бўйича ажралиб чиқадиган иссиқлик энергиясига боғлиқ бўлади.