ГИДРОТЕХНИК ТУННЕЛ

29.06.2020

Ер қобиғида жойлашган, ёпиқ кўндаланг кесимли, қазиш ишлари ер остида олиб бориладиган сув элтувчи иншоот гидротехник туннел деб аталади.

Канал трассаси жуда баланд ва тик тўсиқларга дуч келган вақтда, шу тўсиқни ёриб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлмаса ёки техник ҳамда иқтисодий шароитларга кўра афзал бўлмаса, у ерни тешишга, яъни туннел қуришга тўғри келади, хабар беради uzgidro.uz.

Оқимнинг гидравлик режими бўйича гидротехник туннеллар босимли ва босимсиз бўлади.

Гидротехник туннеллар вазифасига кўра: энергетик, ирригация ва яйловларга сув чиқариш, ичимлик суви билан таъминлаш ва канализация, кема ва ёғоч ўтказувчи, сув ташлаш, қурилиш туннелларига бўлинади.

Ўқларнинг жойлашуви ва тоғ массасини ишлаб чиқаришга кўра гидротехник туннелларнинг қуйидаги турлари мавжуд:

1) ўқлари горизонтал ёки бир оз қия жойлашган асосий тунеллар;

2) унча катта бўлмаган ёрдамчи туннеллар-штолнялар;

3) қисқа туннеллар, йўлаклар, асосий туннелга бориш ва иш қуролларини ташиш учун хизмат қиладиган туннеллар-шреклар;

4) ўқлари тик ёки бир оз оғма туннеллар-шахталар.

Чуқурлик бўйича жойлашувига кўра туннеллар майда (100 м гача); ўрта (100…500 м) ва чуқур (500 м дан юқори) бўлади. Узунлиги бўйича туннеллар қисқа (1 км гача), ўрта (1…5 км) ва узун (5 км дан ортиқ) бўлади.

Туннел тури ва конструкцияси муҳандис-геологик, қурилиш, фойдаланиш, гидрогеологик ва бошқа шароитларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади. Иншоот қуриладиган ернинг геологияси унинг трассасини танлашга, қурилиш иш шароити ва муддатига, туннел қопламалари турини танлашга, унинг мустаҳкамлигига, иқтисодий жиҳатдан қиммат ёки арзон бўлишига таъсир қилади.

Туннел трассаси тоғ жинсларининг юмшоқ қатламларидан ёки йирик тектоник бузилган зоналардан ўтмаслиги керак. Туннел трассасида жойлашган тоғ жинсларининг тури, характери ва уларнинг ҳолати, ер ости сувларининг интенсивлиги ва кимёвий таркиби, ер ости сувларининг ҳарорати, зилзила рўй бериши ва газ чиқиб, хавф туғдириши каби қатор масалаларни ҳам тадқиқот ишларида ҳал қилишга тўғри келади. Туннел трассаси тўғри чизиқ бўйлаб, энг қисқа масофада ўтиши керак.

Геологик тузилиши ва ишлаш шароити ноқулай бўлган жойларда туннел трассасини айлантириб ўтишга (қийшиқроқ ўтказишга) тўғри келади. Туннелни қийшиқроқ ўтишининг мақсадга мувофиқлиги ҳам техник-иқтисодий ҳисобларга мувофиқ асосланган бўлиши шарт.