ГИДРОИЗОЛЯЦИЯ

05.08.2020

Гидротехника қурилишида гидроизоляция гидротехника иншоотларининг элементларидан (тўғонларнинг понурлар ва экранлари, босимли сув ўтказгичлар ва резервуарларнинг бетон ва темир бетон деворлари ва ҳ.к.) сув ўтказмаслигини таъминлаш, шунингдек, бетон, темир-бетон ва темир конструкцияларни агрессив сувлар таъсирида емирилишдан ҳимоялаш учун қўлланилади.

Гидроизоляция тузилишига кўра асфальт, минерал ва пластмасса материаллардан ясалади. Гидроизоляция воситалари бўёқли (қайноқ ва совуқ), сувоқли (қайноқ ва совуқ), елимли, қуйма, тўкма, шимдириладиган, инъекцияли ва ўрнатиладиган бўлади.

Гидроизоляция тури ва тузилиши лойиҳада белгиланади, гидроизоляцион бўёқлар, мумлар, қоришмаларнинг таркиблари лабораторияда аниқланади. Гидроизоляция ишларини амалдаги стандартларга мувофиқ бажариш лозим.

Бўёқли гидроизоляция – умумий қалинлиги бир неча миллиметрга етадиган, бўяш усулида бажариладиган кўп қатламли сув ўтказмайдиган қоплама. Бўяш йўли билан намдан муҳофазаланадиган сирти мой доғлари, чанг ва кирдан, сачраган бетон ва коррозия изларидан тозаланиб, текисланади ва совуқ усулда хомаки бўяш амалга оширилади. Қуриган сиртга қайноқ ёки совуқ мум бир неча қават қилиб сурилади.

Қайноқ мум (сақич) – битум ёки тошкўмир муми билан асбест қўшилган пека қотишмаси. Битумли мум қозонда 2200С гача даражада, мумли сақич эса – 1500С гача даражада эритилади. Эриган мум иш жойига қопқоқли махсус челакларда ёки махсус насослар ёрдамида қувур йўллари орқали пуркагичларга келтирилади. Намдан муҳофазаланаётган сиртга мум фибрали чўткалар билан қўлда суртилади ёки пуркагич ёрдамида камида икки қатлам қилиб пуркалади. Ҳар бир қатлам қалинлиги 2 мм дан кам бўлмаслиги керак. Кейинги қатлам олдингиси қуриб, қотганидан сўнг сурилади.

Совуқ мум – бу битум эмульсиясининг каучук латекси ва хлорли кальций ёки полимерлар (эпоксид мум ва буёқ) билан қоришмасидир.

Битумли-латексли гидроизоляция воситаси муҳофазаланаётган сиртга пуркаш йўли билан суртилади.

Полимер битум тайёрланган қуруқ сиртга мўйқалам ёки пуркагич пистолет ёрдамида 4-5 қатлам қилиб, ҳар бир олдинги қатлам қуриганидан сўнг суртилади.

Елимли гидроизоляция – тўғонларнинг понурларида ҳамда ер ости ва сув остидаги биноларнинг сиртқи деворларини ҳимоялаш учун қўлланилади.

Елимли гидроизоляция материаллари жумласига борулин, бризол ва изол киради. Борулин негизини асбестнинг синч ҳосил қилувчи паст навлари ёки чиқиндилари ташкил этади. Унга заводда пластификаторлар қўшилган эритилган битум шимдирилади. Бу материал тасмалари рулонларга ўралиб, шу кўринишда заводдан қурилишга жўнатилади. Бризол БН-V битуми, резина кукуни (25-30%), паст навли асбест (10%) ва пластификатор (озокерит, 1-3%)дан рулонлар кўринишида тайёрланади. Изол бризолдан битум русуми (БН-III) ва пластификатор турига кўра фарқ қилади.

Елимли гидроизоляция воситаси сиртга ёпиқ қозонларда 160-1700С даражада III, IV ёки V русумли битумлар (35%), майда тўлдиргич (64%) ва соляр мойи (1%) қоришмасидан тайёрланадиган қайноқ битумли мум билан қопланганидан сўнг суртилади.

Сувоқли гидроизоляция – цемент қоришмалар ёки асфальтдан ясалган, қалинлиги 5...50 мм бўлган сув ўтказмайдиган қоплама. Цементли-қумли сувоқ, торкрет, асфальт (қайноқ ва совуқ) сувоқлар фарқланади.

Цементли-қумли сувоқдан иншоотларнинг қаттиқ, тебранмайдиган сиртларини, улар тўлиқ чўкканидан кейин қоплаш учун фойдаланилади. Сувоқ қоришмаси йириклиги 1,5 мм дан, намлиги 2...5% дан ошмайдиган қумдан ва сув ўтказмайдиган, чўкмайдиган ёки оддий портландцементлардан тайёрланади. Уларга (цемент массасининг 3...5% миқдорида) латекс, полиэтилен эмульсияси, эпоксид пастасини қўшиш йўли билан мустаҳкамроқ суваш имконини берадиган коллоид-цемент қоришмалари олинади.

Цемент торкрет – сувоқли қопламалар тури. Қуруқ цементли-қумли қоришма цемент-тўпдан шланг бўйлаб сиқилган ҳаво босими остида сопло (конус шаклидаги найча)га узатилади, бошқа шлангдан унга сув келади. Соплода ҳосил бўлган цементли-қумли қоришма иншоотнинг муҳофазаланаётган сиртига пуркаш йўли билан қопланади.

Қайноқ асфальтли суваладиган гидроизоляция – қалинлиги 5...25 мм бўлган сув ўтказмайдиган, букилувчан ва ўта мустаҳкам қоплама. У горизонтал сиртга қуйиш, вертикал сиртга – пуркаш йўли билан қайноқ кўринишда ётқизиладиган асфальт қоришмаси ёки мумнинг бир неча қатламларидан иборат бўлади.

Совуқ асфальтли суваладиган гидроизоляция – қалинлиги 5...25 мм бўлган сув ўтказмайдиган ва эгилувчан қоплама. У қоришгичда тайёрланган совуқ асфальт мумидан ётқизилган ҳар бирининг қалинлиги 5...7 мм бўлган бир неча қатламлардан ташкил топади. Асфальтли қуйма гидроизоляция эритилган асфальт мумлари, қоришмалар ва бетонларни горизонтал юза бўйлаб ёки муҳофазаланаётган сирт билан қолип ўртасидаги тирқишга қуйиш ёки ҳимоя тўсиғини қуриш йўли билан амалга оширилади. Горизонтал сиртларда қоришма қуйилади, тақсимланади ва керакли қалинликдаги қатлам ҳосил қилиниб, силлиқланади, кенглиги 30...50 мм бўлган тирқишларга қоришма 20...40 см баландликда қуйилади.

Шимдириладиган гидроизоляция – бетон, сопол, асбестцемент, оҳактош, бўр, битум, полимерлар ёки сақичларни шимдириб, гидроизоляция муҳитнинг физик-кимёвий таъсиридан сақлайди ва сув ўтказмайди. Ашёларни шимдириш очиқ ванналарда, шимиш жараёнини тезлаштириш учун – автоклавларда ёки ички вакуумлаш усулида амалга оширилади.

Шимдириш технологияси шимдириладиган материални қиздириш, шимдириладиган ашёни қуритиш ва қиздиришни, 10...50 мм чуқурликда шимдиришни ва совутишни ўз ичига олади.

Ўрнатиладиган гидроизоляция олдиндан тайёрланган темир, сопол, полимер бетон, пластмасса ва ойна-пластик варақларни қоплаш йўли билан амалга оширилади.

Темир гидроизоляция четлари туташтирилиб ёки устма-уст қўйилиб, пайвандланган қалинлиги 4...14 мм бўлган темир варақлардан сидирға қоплама кўринишида ясалади. У бетонда ўрнатилган темир бурчаклар ёки махсус зулфинларга ўрнатилади. Темир қоплама билан иншоот ўртасидаги бўшлиқ инъекцияланган цемент қоришма билан тўлдирилади, қопламанинг ўзи сиртдан сувоқли ёки буёқли гидроизоляция билан қопланади.

Қалинлиги 2...2,5 мм бўлган пластмасса варақлар иншоотлар сиртига зулфинлар ва сиқма планкалар билан маҳкамланади. Варақлар махсус пайвандлаш қурилмалари ёрдамида ўзаро пайвандланади.

Полимер бетонлардан қопламалар бетонга клебемасса билан ёпиштириладиган ёки темир зулфинларга маҳкамланадиган олдиндан тайёрланган алоҳида плиталардан ясалади.