Гидроизоляциянинг сифати устидан назорат. Гидроизоляция ишларини қабул қилиб олиш

06.08.2020

Гидроизоляциянинг сифати устидан назорат қуйидагиларни ўз ичига олади:

а) ишларнинг бажарилиши устидан техник назорат;

б) асос материалларнинг сифати устидан лаборатория назорати;

в) гидроизоляцияни ишларини қабул қилиш.

Техник назоратда гидроизоляция конструкцияси ва материаллар таркибининг лойиҳага мувофиқлиги, шунингдек, ишларни бажариш талабларига риоя этилганлиги текширилади.

Асос материалларнинг сифати устидан лаборатория назорати дастлабки ва жорий бўлади. Дастлабки назоратда барча асос материалларнинг гидроизоляция учун яроқлилиги текширилади. Жорий назоратда асос материаллардан фойдаланиш даври мобайнида уларнинг ҳоссалари, хусусан, иш температураси, консистенцияси ва ҳоказоларнинг ўзгармаслиги текширилади.

Ишларни қабул қилиш гидроизоляцияни амалга ошириш жараёнида ҳам (оралиқ қабул қилиш), у якунланганидан сўнг лойиҳа бўйича гидростатик босим беришда ҳам (узил-кесил қабул қилиш) амалга оширилади.

Барча ишлар оралиқ қабул қилиниши лозим. Гидроизоляция учун асосни қабул қилишда унинг намлиги, тозалиги, текислиги, мустаҳкамлиги, хомаки бўёқ ёки сувоқнинг ғадир-будирликлари ва сифати аниқланади. Шакл ўзгаришига қарши чокли туташтириш ва бириктириш жойларининг тайёрлиги алоҳида текширилади. Асосни қабул қилишга яширин ишларни қабул қилишдаги каби далолатнома тузилади.

Тайёр гидроизоляциянинг сифати устидан назорат муҳофазаланган сиртни кўздан кечириш ва намуналар олиш йўли билан амалга оширилади. Бунда сувоқ (бўёқ) қалинлигининг текислиги (қатламма-қатлам) текширилади. Аниқланган барча нуқсонлар бартараф этилади. Қоплама қалинлигининг бир текислиги бигиз ёки мих суқиб текширилади ва ҳосил бўлган тешик дарҳол битум билан беркитилади. Қоплама асос билан маҳкам бирикканлиги ёғоч тўқмоқ билан уриб ёки ажралиши текширилиб аниқланади: бирикиш мустаҳкамлигининг йўл қўйилган қийматлари 0,07-0,1 МПа бўлиши лозим.

Узил-кесил қабул қилишда ишларни оралиқ қабул қилиш далолатномалари, гидроизоляция асос материалларини ҳамда гидроизоляциянинг танлаб олинган намуналарини лабораторияда синовдан ўтказиш натижалари, шунингдек, ижро иш чизмалари тақдим этилади.

Сувоқли гидроизоляцияни амалга оширишда қайноқ асфальт материалларини тайёрлаш, ташиш ва улардан фойдаланиш, ўт чиқиш хавфи бўлган материалларни сақлаш ва улардан фойдаланиш ва ҳоказолар билан боғлиқ қурилиш операцияларини бажариш чоғида техника хавфсизлиги умумий қоидаларига риоя этиш лозим. Гидроизоляция ишларини бажаришда банд бўлган барча ижрочилар ҳимоя кийимига эга бўлишлари керак.